ВАРИКОЦЕЛЕ КАСАЛЛИГИНИНГ ЭРКАКЛАР РЕПРОДУКТИВ ТИЗИМИ ВА ГОРМОНЛАР ФАОЛИЯТИГА ТАЪСИРИ

Варикоцеле репродуктив ёшдаги эркаклар орасида кенг тарқалган касалликлардан бири, шунингдек, эркаклар бепуштлиги сабабларидан ҳам бири ҳисобланади. Маълумотларга кўра, мояклар ёрғоқларининг вена томирлари варикозли кенгайиши тарқалиши турли ёш гуруҳларида 2 фоиздан 70 фоизгача фарқланади.

Шунингдек, мактаб ёшидаги ўғил болаларда варикоцеленинг пайдо бўлиши 2 фоиздан 10 фоизгача, ҳарбий хизматга чақирув ёшидаги йигитларда эса 2,5 фоиздан 20 фоизгача учрайди. М.В. Корякин ва ҳаммуаллифлар 50 дан 79 ёшгача бўлган эркакларда варикоцеле хасталиги учраши даражасини таҳлил қилишди ва 77,3 фоиз ҳолатларда варикоцеле аниқланди.

U. Levinger ва бошқа муаллифлар тадқиқоти эса кенг миқёсли ва қизиқари бўлиб, олинган маълумотларга кўра, варикоцеленинг тарқалиши ёш ўтишига қараб ошади. Тадқиқотчилар варикоцеленинг тарқалиши инсон ҳаётининг ҳар 10 йилда тахминан 10 фоизга ошиб, 80 йилда 75 фоизгача етишини намойиш қилишди. Варикоцеле кенг тарқалишига қарамасдан, унинг эркаклар репродуктив тизими фаолиятига таъсири ҳали ҳам баҳсли масаласидир.

Одатда, варикоцеле Сертоли ҳужайраларининг фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши сабабли эркакларда фарзанд кўриш қобилиятининг пасайиши билан бевосита боғлиқ. Бироқ мавжуд бўлган маълумотлар кўра, бу касаллик Лейдиг ҳужайраларининг фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатиб, тестостерон ишлаб чиқарилиши бузилишига олиб келади. Сўнгги йилларда турли тадқиқотчилар варикоцеленинг тестостерон даражасига таъсири бўйича алоҳида-алоҳида илмий изланишлар ўтказишди. Бугунги кунда, айниқса, A. Dabaja ва бошқа муаллифларнинг иши жуда қизиқарли.

Улар 1995 ва 2014 йиллар орасида ўтказилган 15 та тадқиқот натижаларини ўрганишди. Барча тадқиқотларда варикоцеле операция қилиниши натижасида эркаклар гормони — тестостерон даражасининг ортиши кузатилди, шу билан бирга, 15 тадан 10 тагача фарқ статистик жиҳатдан ишончли эди. Таъкидлаш жоизки, фарқлар статистик жиҳатдан ишончли бўлмаган 5 та тадқиқотда операциядан олдин ва кейин қондаги тестостерон миқдори меъёрда бўлган (3.5 нг/мл дан юқори). X. Chen ва бошқа муаллифлар 8 та тадқиқотни ўз ичига олган мета-таҳлил ўтказишди. 

7 та тадқиқотда варикоцеле операцияси натижасида тестостерон даражаси статистик жиҳатдан ишончли ошгани намоён бўлди. Муаллифлар фарзанд кўриш қобилиятининг пайсайиши ҳолати ва тестостерон етишмовчилиги бўлган беморларда максимал яхшиланиш қайд этилганини белгилашди. Y. Gat ва бошқа муаллифлар варикоселе оқибатида фарзанд кўриш қобилияти бўлмаган 83 нафар беморда тестостерон даражаси ўзгаришини таҳлил қилишди.
Операциядан кейин умумий ва эркин тестостерон даражаси яхшиланиши қайд этилди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, операциягача беморларда тестостерон миқдори меъёри 65 фоиз бўлган. Операция натижасида эса тестостерон миқдори яхшиланиши беморларда 95 фоиз қайд этилган. Кенг миқёсдаги солиштирма тадқиқот P. Whelan ва L. Levine иши бўлди. Улар варикоцеленинг тестостеронга таъсири бўйича ўтказилган 28 тадқиқотни таҳлил қилишди.
Субклиник варикоцелега учраган беморларда ўтказилган операцияларнинг фарзанд кўриш қобилияти пасайганда тестостерон етишмаслигига ёки унинг миқдори охирги чегарадан ҳам пастлигига, ўрта ёшли беморлар, фарзанд кўриш қобилиятига эга беморларда тестостерон миқдори камайишига таъсири юзасидан баҳолаш ўтказилди.

Баҳолаш фарзанд кўриш қобилияти пасайган беморларда спермаграмма параметрлари ва гормонал профил ўзгаришига доир тўртта тадқиқот асосида ўтказилди. Бундай беморларда операциядан кейин тестостероннинг умумий даражаси статистик жиҳатидан ишончли кўтарилиши, шунингдек, спермаграмма параметрлари яхшиланиши қайд ўтилди. Ўрта ёшли беморларда спермаграмма параметрлари ва гормонал профил ўзгариши икки тадқиқот бўйича баҳоланди. Биринчи тадқиқот B. Reşorlu бошчилигида ўтказилди ва унда 18 ёшдан 48 ёшгача бўлган 96 нафар бемор иштирок этди. Варикоцелени операция қилиш натижаси гуруҳдаги ҳамма беморда спермаграмма параметрлари яхшиланишини намоён этди.

Гормонал профил ўзгариши жараёнида статистик жиҳатидан ишончли фарқ қайд этилмади, бироқ умумий тестостерон даражаси яхшиланиши тенденцияси ҳамда лютеинловчи ва фолликулани стимулловчи гормонлар пасайиши аниқланди. 

Иккинчи тадқиқот W. Hsiao бошчилигидан ўтказилиб, унда 272 нафар бемор иштирок этди. Улар ёшига кўра уч гуруҳга бўлинди: 30 ёшгача; 31-39 ёш ва 39 ёшдан юқори. Барча гуруҳда спермаграмма параметрлари яхшиланиши қайд этилган. Операциядан кейин умумий тестостерон даражаси ошиши барча гуруҳда аниқланган, шу билан бирга, беморларда тестостерон даражаси ортиши — 4 нг/мл ва ундан камроқ.
P. Rodriguez бошчилигида варикоцеле операциясининг фарзанд кўриш қобилиятига эга беморларга самарасини баҳолаш бўйича ўтказилган тадқиқот маълумотларга бой бўлди. Тадқиқотда 202 нафар бемор иштирок этди. Беморларнинг 76 фоизида варикоцеле операциясидан кейин сурункали мояк оғриғи кузатилган. Қолган беморларда тиббий кўрик вақтида варикоцеле аниқланган, бироқ фарзанд кўриш қобилияти билан боғлиқ муаммо кузатилмаган.
Ўтказилган варикоцеле операцияси натижасида 6 ойдан кейин беморларда сперматозоидлар сони операциягача бўлган даврдагига нисбатан ошгани, жумладан, енгил олигозооспермия (уруғ суюқлигидан уруғ оз бўлиши)да ҳам шу ҳолат аниқланди. Операциягача бўлган олигозооспермия кузатилган беморларда статистик жиҳатидан ишонч яхшиланиши кузатилмади. Сперматозоидлар ҳаракатчанлигининг сезиларли ошгани ҳамма беморларда қайд этилди. Сперматозоидларнинг морфологик меъёрлари фоизи ўзгариши эса аниқланмади.

Беморларда ўтказилган субклиник варикоцеле операцияси натижаси уч тадқиқот бўйича баҳоланди. Y.Q. Zheng бошчилигида олиб борилган тадқиқотда спермаграмма параметрларида статистик жиҳатдан ишончли ўзгариш аниқланмади, айни шу вақтда F.F. Pasqualotto бошчилигида ва U. Cantoro бошчилигида ўтказилган тадқиқотларда спермаграммалар кўрсаткичи статистик жиҳатдан ишончли яхшиланиши ва фолликулани стимулловчи гормон даражаси пасайиши аниқланди. R.P. Hayden ва C. Tanrikut варикоцеле операцияси натижаларини 18 тадан ортиқ тадқиқот бўйича солиштириб кўрди. 
Аксарият ҳолатда тестостерон даражаси статистик жиҳатдан ишончли яхшиланиши қайд этилди. Шунингдек, тадқиқот муаллифлари қайси тадқиқотларда операциядан кейин тестостерон даражаси унчалик сезиларли ошмагани ва статистик ишончли бўлмагани, операциягача тестостерон даражаси меъёрда (400 нг/дл дан юқори) бўлганига ҳам эътибор қаратишди.
Ўтказилган тадқиқотлар бевосита ёки тўғридан-тўғри кўрсатишича, варикоцеле касаллиги Лейдиг ҳужайраларининг фаолиятига дахл қилади, шунинг учун тестостерон ишлаб чиқарилишига салбий таъсир этади. Варикоцеленинг Лейдиг ҳужайралари фаолиятига патофизиологик таъсири масаласи юзасидан дастлаб тахмин қилингандики, Лейдиг ҳужайралари реакцияси Сертоли ҳужайралари реакцияси аналоги бўлиб, бу гипоксия, гипертерия ва оксидатив стрессига жавоб, бундан ташқари, венада қон оқиши бузилиши оқибати бўлиши эҳтимоли мавжуд.

Ҳатто бир қатор тадқиқотчилар тестостерон ишлаб чиқарилишининг бузилиши биринчи навбатда сперматогенез эзилишининг сабаби деган фикрни илгари суришди. Кейинроқ Лейдиг ҳужайралари дисфункция ва сперматогенез бузилиши кўрсаткичлари биринчи сабаби умумий бўлса-да, бир-бирига боғлиқ бўлмаган жараёнлар экани ҳақидаги маълумотлар тақдим этилди. Бу борадаги навбатдаги тадқиқот ҳайвонларда ўтказилди ва варикоцеле касаллиги туфайли Лейдиг ҳужайралари фаолияти бузилиши кўплаб омиллар натижасида рўй бериши аниқланди: интракапилляр босим кўтарилиши, фаол кислород шаклида маҳсулот ишлаб чиқарилиши ортиши, рецепторлар функцияси бузилиши шулар жумласидандир.

2013 йили бу маълумотлар одамларда ҳам тасдиғини топди. Бир қатор тадқиқотлар варикоцеле операциясидан кейин фолликулани стимулловчи гормоннинг унчалик сезиларсиз пасайиши ва ингибин даражаси ошишини кўрсатди. Навбатдаги алоҳида тадқиқот варикоцеленинг салбий таъсири ўсмир ёшидаги ўғил болаларда мояклар яхши ривожланмаслиги ва тестостерон даражаси пасайишига олиб келишини кўрсатди. Албатта, бу патологик ўзгаришлар кейинчалик уларда фарзанд қўриш қобилиятига доир муаммо туғдирмаслиги учун жуда эрта даволаниши зарур. 

Сўнгги йилларда турли муаллифлар томонидан ўтказилган қатор тадқиқотлар натижасида варикоцеле эркакларнинг фарзанд қўриш қобилиятига таъсир этиб, тестостерон танқислиги ва эректиль функцияси ёмонлашувига сабаб бўлиши аниқланди. Варикоцелени микрожарроҳлик йўли билан даволаш эса тестостерон даражасини оширибгина қолмасдан, эректиль функциясини ҳам яхшилайди.

Аксарият тадқиқотлар варикоцеле операциясининг ўтказилиши олигоастенозооспермия аниқланган беморларда ҳам ижобий самарали беришини кўрсатди. Операциядан 6-12 ой ўтгач, эякулят параметрлари, яъни спрематозоидлар концентрацияси ва ҳаракатчанлиги кўпайгани кузатилган.

Варикоцеленинг сперматозоидлар морфологиясига таъсири масаласи эса ҳамон очиқ қолмоқда. Тадқиқотлардан бири бу параметр сезиларли ошишини кўрсатса, айни шу вақтда иккинчиси варикоцеле операцияси ҳар доим ҳам бирданига самара бермаслигини ва беморнинг соғлиғи даволаниш натижасига боғлиқ бўлишини англатади.
К. Ni ва бошқа муаллифларнинг таъкидлашича, клиник варикоцелега учраган беморларда астенозооспемия ва олигозоосперия ривожланиши, одатда, ДНК фрагментацияси кўтарилиши ва оксидатив стресс билан бирга кузатилади. Варикоцеле бўйича микрожарроҳлик ўтказилиши беморларда спермаграмма парамертлари яхшиланиши, ДНК франгментацияси фоизи пасайиши ва оксидатив стресс бартараф этилишига олиб келади. Бундан ташқари, беморларда нормозооспермия ва клиник варикоцеледа ДНК фрагментацияси ва оксидатив стресс ошиши қайд этилган. Шунингдек, муаллифлар бундай беморларда ДНК фрагментацияси кам фоизли бўлганида, уларнинг умр йўлдошида ҳомиладорлик, ДНК фрагментацияси фоизи юқори бўлган беморларнинг умр йўлдошидаги ҳолатга нисбатан олганда, кўпроқ кузатилишини аниқлашди. Н. Fu ва бошқа муаллифлар олиб борган тадқиқотда варикоцеле касаллиги оқибатида фарзанд кўриш қобилияти пасайган беморларда оксидатив стресс, ДНК фрагментацияси фоизлари ва спермаграмма параметрлари ўзаро бир-бири билан боғлиқ эканига ойдинлик киритилди. S.A. Abdelbaki ва бошқа муаллифлар ўтказган тадқиқотлар натижаси ҳам юқорида эслатиб ўтилган маълумотлар билан мос келади.

Бутун бир тадқиқот ДНК фрагментациясининг сперматозоидларга таъсири ва варикоцеле туфайли фарзанд кўриш қобилияти пасайган беморларга оксидатив стреснинг таъсирини ўрганишга бағишланди. Муаллифлар варикоцеле орасидаги босқичлар, бепуштликнинг узоққа давом этиши, кислород шаклининг фаол даражаси ва сперматозоидлар ДНКси фрагментацияси фоизлари орасидаги ўзаро боғлиқликни аниқлашди. Варикоцеле операцияси ўтказилиши натижасида спермаграмма парамертлари статистик жиҳатдан ишончли яхшиланиши, ДНК фрагментацияси фоизи камайиши ва спермада фаол кислород шакли даражаси пасайиши қайд этилди.

Шундай қилиб мавжуд маълумотлар хулоса чиқариш имконини беради: жуда кўп ҳолларда варикоцелега учраган беморлар операция йўли билан даволанишга зарурат сезади, бироқ жарроҳликнинг қайси кўриниши афзалроқ ҳисобланади, деган савол туғилиши табиий. Айнан шу саволга боғлиқ бир қатор тадқиқотлар мавжуд. P. Whelan ва L. Levine варикоцеле микрожарроҳлик йўли билан операция қилишининг тестостерон даражасига ва селектив эмболизациянинг мояклар венасига таъсирини ўрганишди. 

Мояклар веналари эмболизацияси натижасида тестостерон даражаси ошиши паст кўрсаткичда бўлган. Шунинг учун тадқиқот муаллифлари варикоцеленинг микрожарроҳлик амалиёти бундай беморларни операция йўли билан даволашда жуда афзал ва самарали усул, деган тўхтамга келишди. Айнан шу тадқиқотда селектив эмболизация натижасида тестостерон даражаси ошиши статистик жиҳатидан ишончли қайд этилмаган бўлса, унинг операциягача бўлган миқдори меъёрдан юқори бўлган.

P. Bryniarski ва бошқа муаллифлар фарзанд кўриш кўриш қобилияти пасайган беморларда варикоцеленинг лапароскопик ва микрожарроҳлик амалиётини бир-бирига солиштирган. Тадқиқот давомида солиштирилган икки гуруҳдаги беморларда операциядан кейинги фарқлар аниқланмаган. Тадқиқот муаллифлари икки гуруҳдаги беморларда спермаграмма параметрлари, гормональ профил ва эректиль функцияси яхшиланганини қайд этишган. С.И. Гамидов ва бошқа муаллифлар ҳам тадқиқотларида варикоцеленинг микрожарроҳлик амалиёти бугунги кунда ушбу касалликни даволашда жуда самарали усул эканини таъкидлашган. 
2018 йили ўтказилган Европа урологлар ассоциациясининг 33-конгресси доирасида профессор N. Sofikitis раҳбарлигидаги бир гуруҳ тадқиқотчилар томонидан қизиқарли маълумотлар тақдим этилди. Бунда икки гуруҳда варикоцелени микрожарроҳлик йўли билан даволаш мақсадида ўтказилган операциядан кейин сперматозоидлар интрацитоплазматик инъекциясини (ИКСИ) даволаш чоралари натижаси эмбрионлар ривожланиши ва уларнинг сифати яхшиланиши кўрсаткичлари намойиш этилди. 

О.И. Аполихин ва бошқа муаллифлар томонидан амалга оширган мета-таҳлил ҳам жуда қизиқарли ҳисобланади. Илмий ўрганишга 36 та тадқиқот қамраб олинди, бундан ташқари, жарроҳлик даволаш усулларига кўра гуруҳларга бўлиниб иш олиб борилди. Бунинг натижаси ташқи таъсирсиз ҳомиладорлик бошланиши юқорилиги варикоцеленинг микрожарроҳлик амалиёти ўтказилган беморлар гуруҳига тааллуқли эканини кўрсатди. 
Варикоцеленинг микрожарроҳлик амалиёти ўтказилган беморлар гуруҳида асоратларнинг энг паст даражаси ҳам кузатилди. Бундан ташқари, муаллифлар ушбу касалликнинг микрожарроҳлик амалиёти бошқа жарроҳлик даволаш усулларига қараганда иқтисодий нутқаи назардан жуда қулай эканини қайд этишди.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, бугунги кунда мавжуд маълумотларнинг кўрсатишича, эркакларнинг фарзанд кўриш қобилияти пасайиши масаласида варикоцеле муҳим ўрин тутади. Аммо шунга қарамасдан, варикоцеленинг патогенетик ва патофизиологик таъсири эркаклар репродуктив тизимига қандай бўлиши охиригача ўрганилмаган. Ўтказилган тадқиқотлар сперматогенез эзилиши гормонал профилга салбий таъсир кўрсатиб, эректиль функцияси ёмонлашишига олиб келишини намоён қилади. 

Варикоцеле бўйича операция ўтказилиши спермаграмма парамертлари яхшиланиши, гормональ ҳолат меъёрлашиши ва эректиль функцияси сифати ошишига олиб келади. Бир қатор тадқиқотларнинг кўрсатишича, варикоцеле операцияси ўтказилиши нафақат ёш беморларда, балки ўрта ёшли эркакларда ҳам даволанишнинг самарали усули ҳисобланади. Жарроҳлик даволаш усулидан қай бирини танлаш керак деган масалага келсак, бугунги кунда варикоцеленинг микрожарроҳлик амалиёти бир қатор афзалликлари билан ажралиб туради. Қиёсий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бу усулнинг асоратлари кам фоизли бўлгани учун самарали ва иқтисодий жиҳатдан ҳам қулай.

 

Клиники Ташкента, Стоматология, Акушерство, Аллергология, Андрология, Анестезиология, Венерология

Клиника Kasmed, Вирусология, Гастроэнтерология, Гематология, Гепатология, Гинекология

Беременность, роды и послеродовой период, Болезни глаза и его придаточного аппарата

Болезни желудочно-кишечного тракта, Болезни зубов и полости рта

Болезни кожи и подкожной клетчатки
Болезни костно-мышечной системы и соединительной ткани
RSS feed for this page