ШИФОКОРЛАРИМИЗ — БУГУНГИ КУН ҚАҲРАМОНЛАРИ

alt
Саломатлик ҳар бир инсон учун бебаҳо бойлик, чунки тўрт мучаси соғлом бўлсагина ўзини шоду хуррам ҳис этади, меҳнат қилиб бундай завқланади, оиласига, яқинларига, атрофибаги одамлар нафи тегади, келажакка ишонч кўзи билан қарайди, ўз олдига юксак орзу-мақсадларни қўйиб, улар сари интилади. Жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, мамлакат тараққиёти учун ҳам фуқаролар саломатлиги муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Улуғларимиз “Тиббиёт барча санъатлар ичида энг улуғидир”, Алишер Навоий ҳазратлари эса “Ширин сўзли моҳир табиб тан хасталигига шифодур” дея бежизга лутф этмаган. Халқимиз саломатлиги йўлида меҳнат қилиб келаётган тиббиёт ходимлари зиммасига ўта маъсулиятли, шу билан бирга шарафли вазифа юкланган. Беморлар дардига нафақат дори-дармон, касбий маҳорати, тажрибаси, балки ширин сўзлари билан ҳам бўлиб, уларни соғлом ҳаёт, оиласи бағрига қайтариш ҳар бир шифокор учун эзгу мақсад саналади. 
Бугун пaндемия бутун инсониятни таҳликага солаётгани барчамизга аён. Ўтган йилнинг декабрида Хитойда пайдо бўлган коронавирус инфекцияси қисқа муддатда ер юзининг кўплаб мамлакатлари ҳудудини қамраб олиб, ҳатто иқтисодий жиҳатдан қудратли давлатлар ҳам шошириб қўйди. Кўзга кўринмас офатни жиловлаш, уни бартараф этиш учун миллиард-миллиардлаб маблағлар ажратилиб, кескин карантин чоралари қўлланилди.
Тождор вирус сабаб дунё аҳли табобат илми султони Абу Али ибн Синонинг «Тиб қонунлари»га қайта-қайта мурожаат қилаётгани ҳам айни ҳақиқат. Бундай ишонч боиси шундаки, кўп йиллар аввал киноижодкорлар томонидан  Абу Али ибн Сино сиймоси гавдалантирилган  бадъий фильмни яқинда яна томоша қилдим. Ибн Сино қора ўлат тарқалган шаҳарга боради. 
—Ҳурматли Ибн Сино бу маъшум қора вабонинг давоси борми? — деб сўрайдилар.
Буюк табиб шундай жавоб беради:
—Давоси бор. Бунинг учун энг аввало одамларни вабо ваҳимасидан қутқармоқ керак. Қора вабо одамдан одамга юқади. У ҳамма нарсага — кийимбошга, юз-қўлларга ёпишиб олади. Шунинг учун олди-сотдини ман этиб, бозорларни ёпиш керак. Вақтинча масжидларни ҳам беркитиш керак. Намозни ҳар ким уй-уйида ўқиб турсин...
Кейин жарчилар одамлар гавжум жойларга, бозорларга чиқиб жар солишади:
—Халойиқ, эшитмадим деманглар, бир ерда тўпланманглар! Одамлар тарқалинглар! Савдогарлар молларини уйма-уй юриб сотсинлар! Пулларини сирка солинган идишда сақласинлар! Улуғ табиб Ибн Сино шундай деб айтмоқдалар. Халойиқ, халойиқ, касалларни айри хонада ётқизинглар. Касал боқувчилар бурунларига сиркали пахта тиқиб олсинлар... Бозорда, масжидда тўпланманглар! Ҳар бир касал кишидан юз соғ одам бемор бўлиши мумкин...
Юқоридагиларга эътибор берсангиз, бугунги кунлардаги карантин чораларига айнан  ўхшайди. Бундан кўриниб турибдики, аллома бобомиз ўн аср аввал юқумли касалликларнинг тарқалиши олдини олиш ва уларни даволаш усулларини баён этган. Коронавирусга қарши курашишда ҳам улуғ табибнинг тавсияларига амал қилинса, фойдадан холи бўлмайди.
 Ер юзида эпидемиологик ҳолат мураккаблигини қуйидагилардан ҳам билиш мумкин.АҚШдаги Жон Хопкинс университети томонидан 2020 йил 25 июль санасида берилган маълумотларга кўра, дунё мамлакатларида коронавирус  билан касалланганлар сони — 15 746 452 нафар; ушбу касалликдан вафот этганлар сони — 639 900 нафар; коронавирусдан тузалганлар сони — 9 054 474 нафар. Оммавий ахборот воситаларида Европада коронавирус инфекциясининг иккинчи тўлқини бошланди, деган хабарлар ҳам пайдо бўлди. 
Дунёда коронавирус пандемияси юзага келганидан бошлаб, мамлакатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз қатъий чоралар кўришга киришди. Президентимиз томонидан 2020 йил 19 март куни “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони имзоланди. 2020 йил 23 мартда эса Вазирлар Маҳкамасининг “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида“ги қарори ҳам қабул қилинди. Ўз вақтида амалга оширилган  тадбирлар самарасида касалликнинг оммавий кириб келиши ва кенг тарқалишининг олди олинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 мартдаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотда бўладиган, беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови белгиланди. 
Дарҳақиқат, мураккаб вазиятда, таъбир жоиз бўлса, жанг майдонига олдинги сафда шифокорларимиз киришди. Оқ халатли халоскорлар ўз ҳаётини, саломатлигини хавф-хатарга қўйиб, юртдошларимизни коронавирусдан ҳимоя қолиш масъулиятини зиммасига олишди. Ўз касбига садоқатли шифокорлар хавфли вирусни юқтириб олган беморларни даволаш жараёнида куну тун меҳнат қилиб, ҳақиқатдан жасорат кўрсатишмоқда. Бу жасоратни, матонатни юракдан ҳис этган ҳар бир инсон тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаяпти, олқишлаб турибди десак, асло муболаға бўлмайди.
Жорий йилнинг 23 июль куни Президентимиз раислигида ўтказилган навбатдаги видеоселектор йиғилишида мамлакатимизда COVID-19 юқтирганлар сони 18 минг 700 нафардан ошгани, вазият ҳамон жиддий бўлиб қолаётгани таъкидланди. Шу боис коронавирусни даволаш учун қўшимча 46,5 мингта ўрин ажратилгани, яна 31 мингта ўрин ташкил этилиши, 397 та тез тиббий ёрдам машинаси харид қилингани, бир ой муддатда яна 409 та машина жойларга етказилиши, тиббиёт олий ўқув юртлари ва коллежлари профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлар ва пенсияга чиққан мутахассислар орасидан жами 5 мингта врач ҳамда 9 мингта ҳамшира беморларни даволаш ва маслаҳат беришга жалб этилгани маълум қилинди.
 “Шу ўринда ўз ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўйиб, касалликка қарши мардона курашаётган фидойи шифокорларимизга ҳар қанча раҳматлар айтсак, арзийди” деб таъкидлади давлатимиз раҳбари. 
Президентимизнинг 2020 йил 23 июлда имзоланган “Коронавирус пандемиясига қарши курашишда фидойилик кўрсатган юртдошларимиздан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги  фармонига мувофиқ, коронавирус пандемияси туфайли юзага келган мураккаб ва синовли кунларда ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўйиб, мавжуд хатарларга қарши курашиш, инфекция кенг тарқалишининг олдини олиш, юртимизда санитар-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси, ўзининг матонати, билим ва салоҳияти, профессионал маҳоратини намоён этиб, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, беморлар ҳаётини асраш, уларга юксак эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш борасидаги алоҳида хизматлари, шунингдек, ўз бурчи ва қасамёдига содиқ қолиб, зиммасига юкланган вазифаларни бажариш йўлидаги улкан жасорати ва фидойилиги учун бир гуруҳ юртдошларимиз фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотланди.
Пандемия шифокорлар қанчалик шарафли ва масъулиятли касб эгалари бўлиши билан бирга, уларнинг жамиятдаги ўрни ва мақоми юқори, халқимиз орасида ҳурмати баланд эканини ҳам кўрсатиб берди. 
Коронавирус инфекцияси таҳдид солиб турган бир пайтда, ҳар бир фуқаро, тиббиёт ходимларининг зиммасига катта масъулият юкламоқда. Тиббиёт ходимлари тимсолида биз ўз ҳаловатидан кечиб, юртдошларимиз саломатлиги йўлида кунни тунга улаб, фидокорона меҳнат қилаётган қаҳрамонларни кўраяпмиз. 
Ана шундай жонкуяр инсонлардан бири — Тошкент шаҳридаги «Ибн Сино» номли 1-сон клиник шифохонасида фаолият олиб бораётган Зиёвиддин Ғуломов эди.  У 1963 йили зиёли оиласида таваллуд топган. Ўша пайтдаги Собир Раҳимов, ҳозирги Олмазор туманидаги “Ҳувайдо” маҳалласида ўсиб улғайган. Отаси Нажмиддин Ғуломов 169-мактабда ўқитувчи сифатида болаларга сабоқ берган, ўтган асрнинг 60-70 йиллар илмий мудир бўлиб ишлаган. Ҳозирги даврда мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган минг-минглаб инсондан Нажмиддин аканинг қўлидан етишиб чиққан. Мана шу инсоннинг фарзанди Зиёвиддин Ғуломов Тиббиёт инстутида ўқиган, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти урология бўлими кафедраси ташкил топишида ўз ҳиссани қўшган. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, 1971-1988 йилларда кафедрани профессор Одил Мухторов бошқарди. Ўзбекистон Республикаси урологлари илмий жамияти раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Одил Мухторов 130 илмий мақола ва 4 монография муаллифи бўлиб,  унинг рахбарлигида 4 та номзодлик ва 1 та докторлик диссертацияси ҳимоя қилинган. Зиёвиддин Ғуломов қариндоши бўлган шу олимни эъзозлаб, ундан намуна олиб ўз касбини шу урология соҳасида танлаган. Шу аснода 80-йиллардан буён урология бўлимда шифокор уролог, бўлим мудири сифатида ишлаб келган. Шу йиллар мобайнида  Зиёвиддин Ғуломов минглаб беморларнинг дардига шифо топди. Сийдик-тош касаллиги, простата бези ва бошқа касалликларни жарроҳлик усули билан даволашга муносиб ҳиссани қўшди. Унинг қўл остида иқтидорли шогирдлари етишиб чиқди.
Кимнинг қандай инсон экани эл бошига иш тушганда билинади деб ббежиз айтилмайди. Зиёвиддин Ғуломов COVID-19 тўлқини мамлакатимизга кириб келганида, яъни коронавирус касаллиги тарқала бошлаган даврда Тошкент шаҳридаги «Ибн Сино» номли 1-сон клиник шифохонаси уролгия бўлимида 18 кун мобайнида карантинда бўлган беморларни даволаш билан шуғулланди. Орадан маълум вақт ўтиб, касбий фаолиятини давом эттириш жараёнида шифокор коронавирус инфакциянини ўзига юқтириб олган. Шундан кейин ҳамкасбларининг тегишли чораларни қўллашига қарамасдан, Зиёвиддин Ғуломов ҳаётдан кўз юмди.
Шу муносабат билан мутасадди ташкилотлар, Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъул ходимларидан З.Ғуломов касбий фаолиятини олиб боришда кўрсатган хизматларини, таъбир жоиз бўлса, жасоратини, фидой илигини унутмасликни сўраймиз. Шу жонкуяр инсоннинг оила аъзоларига, яқинларига ҳамдардлик билдирилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Биз Зиёвиддин Ғуломов хотирлаганимиздан, эзгу амалларини, қилган ишларини ёдга олганимиздан оила аъзолари ҳар ҳолда бироз таскин топади, деб умид қиламиз.
Барча фидойи тиббиёт ходимларига, айниқса, бутун жаҳонни таҳликага солган пандемия шароитида инсон учун энг азиз неъмат бўлган ҳаёт ва саломатликни муҳофаза қилишдек шарафли вазифани бажараётгани учун юксак эҳтиром, чуқур миннатдорлик билдирамиз.
 

Клиники Ташкента, Стоматология, Акушерство, Аллергология, Андрология, Анестезиология, Венерология

Клиника Kasmed, Вирусология, Гастроэнтерология, Гематология, Гепатология, Гинекология

Беременность, роды и послеродовой период, Болезни глаза и его придаточного аппарата

Болезни желудочно-кишечного тракта, Болезни зубов и полости рта

Болезни кожи и подкожной клетчатки
Болезни костно-мышечной системы и соединительной ткани
RSS feed for this page